TOШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шанба куни Шимолий Корея Миллий Мудофаа Академияси қошидаги Дрон тадқиқот институти томонидан ўтказилган учувчисиз учар қурилмалар синовини кузатди ва ҳар хил турдаги дронларни фаол ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришни буюрди. Бу ҳақда РИА Новости мамлакатнинг Марказий телеграф агентлигига таянган ҳолда хабар берди.
Маълум қилинишича, синов 24 август куни бўлиб ўтган, Ким Чен Инга Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг юқори лавозимли ходимлари жойида ҳамроҳлик қилган. Ким Чен Ин ҳозирда ишлаб чиқилаётган дронлар билан танишди ва синовларни назорат қилди.
“Ҳар хил масофага эга дронлар қуруқлик ва денгиздаги душман нишонларини йўқ қилиш учун мўлжалланган. Ҳар хил дронлар олдиндан белгиланган турли йўналишлар бўйлаб учиб, белгиланган нишонларни аниқ белгилаб, уларни йўқ қилди”, — дейилади хабарда.
Ким Чен Ин янги дронларнинг тактик-техник хусусиятлари ва маълумотларидан мамнунлигини билдирди ва дронларни имкон қадар тезроқ фойдаланишга топшириш учун жанговар синовларнинг “шиддатини ошириш” зарурлигини таъкидлади.
КХДР етакчисининг таъкидлашича, жанговар тажриба ва ҳарбий тенденцияларга асосланиб, ҳар хил турдаги дронларни яратиш ва уларнинг хусусиятларини яхшилаш “урушга тайёргарлик кўришда муҳим ўрин тутади”.
Унинг таъкидлашича, КХДР ярим оролдаги географик жойлашуви туфайли нафақат сув ости стратегик қуролларини, жумладан, ядровий торпедани, балки сув ости ҳужуми камикадзе дронларини ҳам "чарчоқсиз" ишлаб чиқиш, шунингдек, уларга сунъий интеллект технологияларини фаол жорий этишни ривожлантириш зарур.