TOШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) майдонида “Яшил Евроосиё” иккинчи халқаро иқлим танлови президиумининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишни Стратегик ташаббуслар агентлиги бош директори Светлана Чупшева ва ЕИК савдо вазири Андрей Слепнев олиб борди.
Йиғилиш давомида президиум аъзолари 15 номинация бўйича ғолиблар ва финалчиларни аниқлаб, иқлим таъсирини юмшатиш ва мослашиш бўйича энг самарали амалиётларни ўз ичига олган аризаларни алоҳида таъкидладилар. “Евроосиё истиқболи” йўналиши бўйича ҳам ғолиб аниқланди.
“Танлов ғолиблари ва финалчиларини тақдирлаш 30 сентябрдан 1 октябрга қадар Ереванда Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган Евроосиё иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтади”, - деди Андрей Слепнев.
Вазир иккинчи бор ўтказилаётган иқлим бўйича танловга қизиқиш ортиб бораётганини ижобий баҳолади. Унинг фикрича, бу иқлим муаммоларининг долзарблигини яна бир бор таъкидлайди.
“Ўтган йили биз ЕОИИ давлатлари ўртасида “Яшил Евроосиё” биринчи халқаро танловини ўтказдик. Фаол жавоб бизга иштирокчилар географиясини дунёнинг барча мамлакатларига кенгайтиришга қарор қилиш имконини берди. Бу йил Хитой, Миср, Эрон, Индонезия, Камерун, Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон каби 12 давлатдан 300 дан ортиқ амалиётчи олдик”, - деди Светлана Чупшева бу борада.