Озарбайжон президенти Ўзбекистонга келади — ташриф дастури

Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан республикада бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.
Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.

“Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан, ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар диққат марказида бўлади”, — дейилади хабарда.

Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 5 июль куни Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этган эди. Шунингдек, Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Шушадаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи