Энди Ўзбекистоннинг ATTO карталаридан Қирғизистонда фойдаланиш мумкин бўлади

Ўзбекистонликлар Қирғизистонда жамоат транспортларига АТТО орқали тўлов қилиши мумкин бўлади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Энди Ўзбекистоннинг автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими опeратори (ATTO) карталаридан Қирғизистонда фойдаланиш мумкин бўлади, дея хабар берди оператор матбуот хизмати.
Қирғизистоннинг “Тулпор” компанияси ва ATTO ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Ҳужжатга кўра, ўзбекистонликлар Қирғизистонда жамоат транспортларига АТТО орқали тўлов қилиши мумкин бўлади.
“Тулпар ва АТТО ҳамкорлик меморандумини имзолаган бўлиб, унинг мақсади икки давлат шаҳарларидаги жамоат транспортида тўловларни ўзаро қабул қилиш имкониятидир. Тез орада Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳат ҳақини Тулпар карталари билан, Ўзбекистон фуқаролари эса Бишкекда АТТО карталари орқали тўлашлари мумкин бўлади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, фаол ривожланаётган туризм шароитида бундай ҳамкорлик икки мамлакат аҳолисининг саёҳатларини янада қулай қилади.
Тизимлараро интеграция ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 май кунидан бошлаб пойтахтда жойлашган барча транспорт карта сотиш шаҳобчалари фаолияти тўхтатилди. Эндиликда АТТО транспорт карталарини харид қилиш, ҳисобини тўлдириш ва тариф сотиб олиш хизматлари UzPost алоқа бўлимларида амалга оширилади.