TOШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. “Прописка” масаласида республика бўйича бир хил тартиб жорий этилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди.
Қонун лойиҳаси ўтган йили президент томонидан имзоланган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжат республикада доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жой бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартибини жорий этишга қаратилган.
“Бугунги кунда амалда бўлган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан юқорида қайд этилган қонун бекор қилинади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
“Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, аҳолининг айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш таклиф этилмоқда.
“Ўн саккиз ёшгача бўлган, олтмиш ёшдан ошган ёки тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек жазони ижро этиш муассасасидан жазони ўтаб чиққан, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй берганлиги натижасида жабрланган шахслар эндиликда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликдан тўлиқ озод этилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди.
Фуқароларни доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ички ишлар органлари билан бир қаторда давлат хизматлари марказлари орқали ёки онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Хорижга чиқиш стикери бекор қилиниб, унинг ўрнига биометрик паспорт ва мамлакат ичида эса ID карта жорий қилинди.