Ўзбекистон экспорт ҳажмини оширди: давлатлар ичида Россия етакчилик қилмоқда

Шу йилнинг етти ойида республиканинг хорижга етказиб беришдан тушган даромади 10,5 миллиард долларни ташкил этди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Шу йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон 10,5 миллиард долларлик маҳсулот (олтиндан ташқари) ва хизматлар экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
“2024 йилнинг январь-июль ойлари якунлари бўйича Ўзбекистон 10,5 миллиард долларлик маҳсулот (олтиндан ташқари) ва хизматлар экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ёки 1,2 миллиард долларга кўпдир”, — дейилади хабарда.
Қуйидагилар экспорти ошди:
мис маҳсулотлари — 38 фоизга (+53 миллион доллар);
кабель маҳсулотлари — 13 фоизга (+25 миллион доллар);
мева-сабзавот маҳсулотлари — 24 фоизга (+152 миллион доллар);
карбамид — 2,7 марта (+51 миллион доллар);
қурилиш материаллари — 48 фоизга (+45 миллион доллар);
заргарлик буюмлари — 74 фоизга (+10 миллион доллар);
туризм — 31 фоизга (+404 миллион доллар);
транспорт хизматлари — 28 фоизга (+248 миллион доллар).
Айтилишича, 18 та давлатга экспорт ҳажмининг жадал ўсиши ҳисобига 1,1 миллиард долларлик қўшимча экспорт таъминланди. Хусусан, Россияга – 28 фоизга (+465 миллион доллар).
Шунингдек, Франция 2 баробарга (+241 миллион доллар), Афғонистон - 19 фоизга (+89 миллион доллар), АҚШ - 2,2 баробарга (+101 миллион доллар), БАА - 42 фоизга (+56 миллион доллар) ошган.