Энди Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонни ривожлантиришни назорат қилади

Саида Мирзиёева ва Турсинхан Худайбергеновга янги вазифа юклатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёевага Қорақалпоғистоннинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш ва ҳудудни ривожлантириш бўйича назорат юклатилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистондаги имкониятлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгиланди
"Қорақалпоғистоннинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш мақсадида ҳудудни ривожлантириш бўйича берилган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси устидан назорат президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов зиммасига юклатилди", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Осиё тараққиёти банкидан жалб қилинган 274 миллион доллар ҳисобидан “Бухоро – Нукус – Бейнов” йўналишидаги 240 километр магистрал йўл яқин кунларда ишга тушади.
Орол бўйидаги иқлим шароитини яхшилаш бўйича ҳам жуда катта дастур бошланган. Сўнгги етти йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,9 миллион гектарда яшил қопламали ўрмонзорлар барпо этилди. Экотизимни яхшилаш, шўрланган, сувсиз муҳитда янги нав ва уруғларни яратиш учун Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.
“Яқинда қишлоқ хўжалигини иқлимга мослаштириш дастури тасдиқланди. Унга кўра, Орол бўйида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга 80 миллион доллар берилади. Ушбу маблағлар 100 минг гектар яйловни деградациядан чиқариш, тупроқ-иқлимга мос кунжут ва қовун навларини етиштириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлашга берилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Йил бошидан бери Қорақалпоғистонга 1 миллион 300 минг сайёҳ келган. Лекин, меҳмонхона ўринлари кам. Агар ер берилса, тадбиркорлар замонавий меҳмонхона ва конгресс холл қуриш истагини билдирган.
Қорақалпоғистондаги имкониятлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгиланди
Қуйидагилар маълум қилинди:
Нукус шаҳрида жойлашган “Аччиқкўл” атрофидаги 20 гектарда турар жой, замонавий меҳмонхона ва дам олиш масканларини ташкил қилиш мумкин.
Дўстлик ва Кегейли каналлари, Хўжайлидаги “Тасли жап” ва “Ширин жап” каналлари бўйида савдо ва кўнгилочар маскан ташкил этса бўлади.
Амударё, Тўрткўл, Берунийда ҳам туристларни жалб қилиш бўйича жуда катта салоҳият бор.
“Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов” йўли бўйидаги 140 гектар ерда 300 та савдо ва сервис объектини жойлаштирса бўлади.
Элликқалъада замонавий бозор қурилса, савдо ва хизматлар кўпаяди.
Қорақалпоғистондаги ер ажратишни соддалашган тизими иқтисодий зона ҳудуди учун ҳам жорий қилинса, бу ерда 320 миллион долларлик лойиҳаларни жойлаштирса бўлади.
Инвесторлар Қораўзакдаги “Қойбақ” маҳалласидаги 500 гектарда қўйчиликка ихтисослашган кластерни ишга тушириш учун 10 миллион доллар сармоя киритишга тайёр. Бу кластерда 10 минг бош қўй боқилиб, 100 тонна гўшт етиштирилади.
Қорақалпоғистонда бу йил бошласа бўладиган 1,9 миллиард долларлик 103 та йирик лойиҳа шакллантирилган. Тармоқлар йўналишида ҳам бир йил ичида жами 275 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилади. Умуман, яна 9,5 миллиард долларлик 120 дан зиёд истиқболли лойиҳалар тайёрланган.
"Мутасаддиларга тадбиркорлар билан ишлаб, ҳар бир туман кесимида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилди", —дейилади хабарда.
Бу дастур Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун янги нафас, камида 10 миллиард долларлик инвестиция ва 500 минг иш ўрни учун катта замин бўлади.