ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш ваколати берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бўлиб ўтган сиёсий партия фракцияси йиғилишида маълум қилинди.
Депутатлар “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Айтилишича, қонун лойиҳаси 6 та боб, 26 та моддадан иборат. Унда соҳада қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий тамойиллари белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда давлат томонидан тартибга солиш қоидалари белгиланиб, унда Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органи, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларига аниқлик киритиляпти.
“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланиб, унинг вазаифалари аниқ белгилаб берилмоқда”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан мамлакатда чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олди олиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда.
Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилмоқда.
Қайд этилишича, истеъмол учун чиқариладиган барча маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни олиш, ҳайвон эгаларининг ҳайвонга эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф қилиш ҳуқуқларини янада кафолатлашга имконият яратилади.