Ўзбекистонда ақлли мини-техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади — тафсилотлар

Ўзбекистон Малайзия билан боғларга ишлов берувчи ва далаларга ўғит сепувчи ақлли мини-техникалар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистонда Малайзия компанияси билан ҳамкорликда ақлли мини-техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Малайзиянинг “Meraque Group Snd Bhd” компанияси директори билан учрашди.
“Учрашувда томонлар ўртасида Малайзия компаниясининг боғларга ишлов берувчи, далаларга ўғит сепувчи ақлли мини-техникалари ҳамда айнан қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун мўлжалланган махсус дронларини Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига жорий этиш масалалари ҳам муҳокама этилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, кичик ҳажмдаги ақлли қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш тизими Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида йўлга қўйилади.