Ҳудудларда саноат салоҳияти янада оширилади — президент қарори

“Республика – вилоят – туман” тамойили асосида вертикал тизим йўлга қўйилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Ўзбекистон бўйлаб ҳудудларда саноат салоҳияти янада оширилади. “Ҳудудларда саноат салоҳиятини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, туман ва шаҳарларда саноат корхоналари билан ишлаш бўйича “республика – вилоят – туман” тамойили асосида вертикал тизим йўлга қўйилади.
Ҳудудларда саноат корхоналари билан манзилли ишлаш мақсадида қуйидагилар ташкил этилади:
туман ва шаҳарларда ҳокимнинг биринчи ўринбосари бошчилигида солиқ ва статистика органлари, банклар ва иқтисодий инфратузилма корхоналарининг раҳбарларини ўз ичига олувчи ҳудудий штаблар;
иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари раҳбарлигида ҳудудий штаблар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика штаби.
2024 йил 1 сентябрдан:
Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари таркибида 5 та штат бирлигидан иборат Саноатни ривожлантириш йиғма бўлимлари ташкил этилади;
туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва молия бўлимларида саноатни ривожлантириш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилади.
Ўзбекистоннинг қайси ҳудуди саноат корхоналари сони бўйича етакчи – инфографика