Ўзбекистонда криптология соҳасида таълим ва илм-фан ривожлантирилади

Бу бўйича президент қарори қабул қилинди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистонда криптология соҳасида таълим ва илм-фан янада ривожлантирилади. “Ўзбекистон Республикасида криптология соҳасида таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
2024–2025 йилларда Ўзбекистонда криптология соҳасида таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
Ўзбекистонда миллий криптология соҳасини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари дастури.
Республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тажрибали мутахассисларидан иборат Криптология соҳасида идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади.
Давлат ва жамият ҳаётидаги реал эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, республикада криптология соҳасида долзарб муаммоларни ўрганишга бағишланган илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантириш Эксперт гуруҳининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.