TOШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Кеча, 15 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги янги доимий вакили Акико Фужиини қабул қилди. Бу ҳақда Саидов Телеграм каналида хабар берди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги янги доимий вакили Акико Фужии хонимни Ташқи ишлар вазирлигида қутлашдан мамнунмиз. БМТТДнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар дастурини доимий қўллаб-қувватлашини юксак қадрлаймиз”, - деб ёзади Саидов.
Бахтиёр Саидов БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги янги доимий вакили Акико Фужиини қабул қилди
Таъкидланишича, учрашувда Ўзбекистонда барқарор ривожланиш учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Саидов Акико Фужиининг келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.