ЖССТ маймунчечак вируси туфайли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди

Мутахассислар: ҳозир кузатилаётган янги штамм вируснинг аввалги вариантларига нисбатан бир мунча хавфли.
Sputnik
TOШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Африкада маймунчечак вируси сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТга таяниб хабар берди.
Mpox (маймун чечаги) вируси сўнгги ойларда яна глобал хавф омилига айланди. Африка, Европа, Жанубий ва Шимолий Америка минтақаларида касалланиш кўрсаткичлари сезиларли даражда ошди.
Айниқса, Конго Демократик Республикасида эпидемиологик вазият кескинлашди. Бу ерда йил бошидан буён 13,7 мингдан ортиқ киши вируснинг янги штаммини юқтириб, улардан 450 нафари вафот этди. Кейин хавфли инфекция Марказий Африка Республикаси, Бурунди, Кения, Руанда ва бошқа мамлакатлар бўйлаб тарқала бошлади.
АҚШда маймун чечаги билан касалланган биринчи бемор вафот этди
Кўп ўтмай ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус жорий йил биринчи ярмида касалланишлар сони ўтган йилга нисбатан ошиб кетганини маълум қилиб, ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси йиғилишини чақиришга қарор қилди.
“Халқаро экспертлардан таркиб топган ушбу тузилма мажлиси куни кеча бўлиб ўтди. Унинг якунида mpox эпидемияси Африка минтақасида глобал фавқулодда ҳолат, деб эълон қилинди”, — дейилади хабарда.
Мутахассислар хулосасига кўра, ҳозир кузатилаётган янги штамм вируснинг аввалги вариантларига нисбатан бир мунча хавфли. Хусусан, уни юқтирган беморларда ўлим даражаси 10 фоизгача етмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эпидемияни фавқулодда ҳолат деб эълон қилиш орқали нафақат Африка, балки бошқа минтақаларда ҳам касалликни жиловлаш ва асоратларини камайтириш, жумладан, эмлаш чора-тадбирларини кучайтиришни мақсад қилган.
Кимлар биринчи навбатда маймун чечагига қарши эмланиши керак - иммунолог