Кино кечаси: Ўзбекистон умумроссия акциясига қўшилади

“Кино кечаси”да Ўзбекистондан ташқари БРИКС ва МДҲ давлатлари ҳам иштирок этади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Ўзбекистон БРИКС ва МДҲ давлатлари билан биргаликда ҳар йили ўтказиладиган “Кино кечаси” умумроссия акциясига қўшилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Маданият вазирлиги хабар берди.
Фильмлар Россиянинг Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Эфиопия, Миср, Қозоғистон, Беларусь, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Арманистон, Молдова ва Туркманистондаги элчихоналари, маданият марказлари ва бошқа мамлакатлардаги хорижий муассасаларида намойиш этилади.
Фильмлар намойиши Россия ва хориждаги 5 мингдан ортиқ майдонда ташкил этилиши режалаштирилган.
Ҳар йили “Кино кечаси” учун энг яхши 3 та рус фильмлари танлаб олинади. Бу йилги дастурда "Сто лет тому вперед" фантастик блокбастери (режиссёр Александр Андрющенко), "По щучьему велению" эртаги (реж. Александр Войтинский) ва "Воздух" ҳарбий-тарихий драмаси (реж. Алексей Герман-мл.) бор.
“2023 йилда “Кино кечаси”да бир миллиондан ортиқ одам иштирок этди ва умид қиламанки, ушбу фильм тадбирининг машҳурлиги ўсишда давом этади, айниқса бу йил тадбир биринчи марта халқаро миқёсда бўлиб ўтмоқда”, — деди Россия маданият вазири Ольга Любимова.
БРИКС мамлакатлари учун фильмлар турли тилларда субтитрлар билан тақдим этилади. Масалан, хитой, араб, португал, инглиз тиллари, шунингдек эшитиш ва кўришда нуқсони бўлган томошабинлар учун ҳам фильмларнинг субтитрли ва аудио изоҳли версиялари тайёрланди.
Шунингдек, кўплаб жойлар томошабинлар учун қўшимча маданий ва дам олиш дастурларини ташкил қилади.
Кино кечасидаги барча намойишларга кириш бепул.