Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш кучайтирилади: ҳимоя ордери ва янги ваколатлар

Ўзбекистон зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери беради.
Sputnik
TOШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилади. Бу ҳақда Сенатнинг 55-ялпи мажлисида маълум қилинди.
Сенаторлар “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллашди. Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади.
Хусусан:
зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиш;
махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш.
“Қонун билан илк бор янги институт жорий қилинмоқда. Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. Ушбу ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан 30 кун муддатгача берилади ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилади”, — дейилади хабарда.
Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.
Қонунда жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсациясини талаб қилиш ҳуқуқи акс эттирилмоқда.
Шунингдек, қонунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мазкур йўналишда фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.
Айтилишича, қонун билан зўравонликдан жабрланган болаларнинг хаёт фаолиятини баҳолаш ваколати бир қатор давлат органларига, хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига берилмоқда.
“Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қўлланилишини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Сирожиддин Абдуллаев
Агентлик директори ўринбосари Сирожиддин Абдуллаевнинг қайд этишича, қонун қабул қилинганидан кейин 6 ой ичида кучга киради. Мазкур 6 ой давомида ходимлар баҳолаш кўникмасига эга бўладиган даражада тайёрланади.
Қонун билан ота-оналар масъулияти яна бир карра оширилмоқда.
“Ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда”, — дейилади Сенат хабарида.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун жавобгарликка тортилган.