Янги ўқув йили санаси маълум бўлди

Мактабларда ўқув жараёнлари 4 сентябрдан бошланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Янги ўқув йили 4 сентябрдан бошланади, дея хабар берди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.
“2023 йил 22 декабрда “2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида” президенти Фармони имзоланган. Мазкур Фармонда Мустақиллик байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгиланганлигини инобатга олиб, умумий ўрта таълим муассасаларида янги — 2024-2025 ўқув йили жорий йилнинг 4 сентябрь кунидан бошланишини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга 12 та турли ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” берилиши кўзда тутилган. 2024-2025 ўқув йилида республикадаги мавжуд 10 182 та умумтаълим мактабига 719 366 нафар мактаб ёшидаги болалар 1-синфга чиқиши режалаштирилган.