Олимпиадада қирғиз, қозоқ ва ўзбекларнинг ҳамжиҳатлигини дунё эътироф этди — Жапаров

Садир Жапаров қирғиз, қозоқ ва ўзбек халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боришини тилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Париждаги Олимпиадада қирғиз, қозоқ ва ўзбекистонлик мухлисларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги бутун дунё томонидан эътироф этилди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров Олимпиада совриндорларини тантанали тақдирлаш маросимида айтиб ўтди, деб ёзмоқда Sputnik Қирғизистон.
“Қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, Париждаги Олимпиадада бир тарих, бир илдиз, тил ва маънавият билан бирлашган қирғиз, қозоқ ва ўзбек мухлисларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бутун дунё томонидан эътироф этилганини таъкидламасликнинг иложи йўқ. Спортчиларимизнинг хорижда бир-бирларига илиқ туйғуларни билдиришлари, ғалабалар қувончига шерик бўлишлари, қучоқлашиб, қўллаб-қувватлашларини билдиришлари уч халқ ўртасидаги азалий дўстлик, оилавий ришталар ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаганига қатъий ишонаман, — деди Қирғизистон етакчиси.
Жапаров қирғиз, қозоқ ва ўзбек халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боришини тилади.
Парижда бўлиб ўтган Олимпиада Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери энг муваффақиятлиси бўлди – маҳаллий спортчилар 6 та медални қўлга киритишди. Жапаров “бутун бокс оламини забт этган” боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли алоҳида таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Париж Олимпиадасида ўзбекистонлик мураббий секундантлик қилган қирғизистонлик боксчи финалга чиқди. Мунарбек Сейитбек ўғли финалда ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халоковга қарши жанг қилди. Натижаларга кўра, Халоков олтин, Сейитбек ўғли кумуш медални қўлга киритди.
Узбекские болельщики на Олимпийских играх в Париже.
Париж Олимпиадаси бокс ўйини финалида мухлислик қилган ўзбекистонликлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон байроқларини ҳам кўтариб мухлислик қилишди. Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилганидек, “Минтақамиздаги ҳар бир мамлакатнинг ютуғи - бутун Марказий Осиёнинг ютуғи. Спорт бирлаштиради. Куч - бирликда!”.