Бухоро вилоятига тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар ажратилади

Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш: Бухорода энг асосий масала – хизматларни ривожлантириш.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Бухоро вилоятига тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда президент шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Совещание под председательством Президента Шавката Мирзиёева.
Йиғилишда Бухоро вилояти мисолида тадбиркорларга кўпроқ шароит яратиш, ҳар бир туманни ихтисослаштириш, энергиядан оқилона фойдаланиш, яшил манбаларни кўпайтириш, туман идораларини самарали ишлашга ўргатиш кўриб чиқилди.
“Икки ой олдин Бухорога ташрифда ҳамма муаммолар ечими кўрсатиб берилган эди. Ташрифдан кейин вилоятга 1,4 триллион сўм ажратилди. Бугун Президент томонидан имзоланган қарорларга мувофиқ вилоятга тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар, инфратузилмага 40 миллион доллар ажратилади”, — дейилади хабарда.
Вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман ҳокимлари шунга муносиб ишлаб, жойлардаги ташкилотлар олдига аниқ вазифа, ходимларига KPI белгилаб, ҳар куни аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Келгусида ҳар битта тармоқ ва вилоятдаги ҳақиқий аҳвол шундай таҳлил қилиниб, муҳокама ўтказилиши белгиланди.
Бухорода энг асосий масала – хизматларни ривожлантириш экани таъкидланди. Қайд этилганидек, соҳани ривожлантириш муҳандислик ва фармацевтикада 23 фоиз, электротехникада 30 фоиз ўсишни таъминлайди.
Бухорода 584 та меҳмон уйлари, 122 та умумий овқатланиш, 18,5 мингта савдо, 30 та саломатлик ва фитнес марказлари бор. Лекин ҳар минг кишига ошхона ва ресторанлар сони Самарқанддан 10 карра кам.
Шофиркон аҳолиси 200 мингга яқинлашиб, вилоятда учинчи ўринга чиқди. Шундай бўлса-да, туман хизмат кўрсатиш бўйича вилоятда энг охирги ўринда.
Совещание под председательством Президента Шавката Мирзиёева.
Вобкент, Ромитан, Жондор туманларида олиб борилаётган намунали ишларни қайд этиб, президент бошқа туманларда ташаббускорлик кўринмаётгани, марказий кўчалар ва массивларга янги қиёфа олиб кириш сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирди.
Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 62 та массив ва 54 та кўчани ривожлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
"Бу кўчалар овқатланиш, саломатлик, меҳмонхона, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилади, уларда 4 минг нафар тадбиркор учун шароит яратилади ва 6 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Уларда камида 5 та халқаро меҳмонхона ҳамда овқатланиш тармоқларини жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди", — дейилади хабарда.
Шунингдек, президент саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Ҳар бир тумандан саноат ва хизмат кўрсатишга 20 гектардан ерларни белгилаб, лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди. Бундан буён қурилган хизмат кўрсатиш жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури йўлга қўйилади. Мутасаддиларга “хизмат ипотекаси”ни жорий қилиб, кредит ажратишни бошлаш топширилди.

Энергиядан оқилона фойдаланиш

Бухорода 900 миллион киловатт электр ва 400 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имкони борлиги қайд этилди. Бу – умумий истеъмолнинг 20 фоизига тенг. Жумладан, 42 та йирик корхонада ускуналарни янгилаб, 25 фоизгача электр ва газни иқтисод қилиш мумкин.
Энг катта истеъмолчи – “Аму-Бухоро канали”. Насосларни янгилаш натижасида йилига 200 миллион киловатт ёки 204 миллиард сўм иқтисод қилинмоқда. Лекин бу кам.
Насос станциялари ҳудудида 100 мегаваттли қуёш станцияси ва 100 мегаваттли сақлаш тизими ўрнатилса, умумий тармоқдан олинадиган электрни 25 фоиз камайтириш, кунлик ўртача тарифни 12,5 фоизга пасайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, 200 минг кўчмас мулк биносида камида 3 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, 600 мегаватт қувват яратиш имкони бор. Бу билан вилоят электр истеъмоли яна 20 фоиз иқтисод бўлади.
Шу боис Энергетика вазирлиги, вилоят ва туман мутасаддиларига йил якунигача 4 мингта иншоотда қуёш панеллари ўрнатиш вазифаси қўйилди.