АҚШда Зеленскийни бошқаси билан алмаштириш вариантлари муҳокама қилинмоқда

Россия Ташқи разведка хизмати томонидан олинган маълумотларга кўра, Америка элитасида Зеленскийдан норозилик кучаймоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. АҚШ Владимир Зеленскийни Украина раҳбарлигини бошқариладиган ва камроқ коррупцияга учраган шахс билан алмаштириш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи разведка хизмати маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.

“Ташқи разведка хизмати томонидан олинган маълумотларга кўра, Америка элитасида Зеленскийдан норозилик кучаймоқда. Ҳам Демократик, ҳам Республикачилар партияларида Киев оладиган “миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдамнинг мақсадли сарфланиши”га шубҳа билдираётганларнинг овози тобора кўпроқ эшитилмоқда. Зеленский Украина чегараларидан ташқарида кескинлашув хавфини туғдирувчи ақлдан озган қадамлар қўймоқда”, — дейилади хабарда.

Шу сабабли АҚШ маъмурияти Зеленскийни ўз лавозимини тарк этишга мажбурлаш учун уни обрўсизлантирувчи кучли ахборот кампаниясини бошлашни режалаштирмоқда, шунингдек, Киев режими раҳбарининг ўрнига Ғарб иттифоқчиларининг кўпчилигига мос келадиган номзодни қидирмоқда.
Разведка маълумотларига кўра, собиқ ички ишлар вазири Арсен Аваков энг муносиб номзод сифатида кўрилмоқда.
"Аваковнинг кучли томонлари орасида унинг Украина миллатчи тузилмалари билан яқин алоқалари ва Европа давлатлари раҳбарлари билан давом этган алоқалари киради", — дея қўшимча қилди матбуот бюроси.
Оқ уйнинг фикрича, бу Ғарбга Украина можаросини ҳал қилиш бўйича Россия билан музокаралар бошланишига яхшироқ тайёргарлик кўриш имконини беради, дейилади хабарда.
Зеленскийнинг ваколат муддати 20 май куни тугаган. Украинада президентлик сайловлари 31 март куни, янги сайланган давлат раҳбарининг инаугурацияси эса май ойида бўлиб ўтиши керак эди. Ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик сабаб овоз бериш бекор қилинди. Зеленский ҳозир сайловларга “аниқ вақт эмас”лигини айтиб, бу масалага чек қўйиш кераклигини таъкидлади.
"Бошқа Украина" ҳаракати БМТни Зеленскийнинг ноқонунийлигини тан олишга чақирди