Ўзбекистонда олий диний таълим муассасалари яна биттага кўпайди

Имом Термизий номидаги ислом институтига қабул бошланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Имом Термизий номидаги ислом институти Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, дея хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Термизда 2020-2021 ўқув йилидан ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк битирувчилар мазкур таълим муассасасини тамомлади.
Таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
“Имом Термизий номидаги ислом институтига 2024-2025 ўқув йили учун қабул эълон қилинади. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2024 йил 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади”, — дейилади хабарда.
Абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).
Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширадилар: араб тили (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл, Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) – 63 балл, Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.
Араб тили бўйича В2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.
Маълумотучун, таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.