ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Венгрия қурғоқчиликка қарши курашишни режалаштирмоқда, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Туркий давлатлар ташкилоти ҳузуридаги Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти директори, Венгрия экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги халқаро бўлими раҳбари Ласло Орлош билан учрашди.
Учрашувда иштирокчилар қурғоқчиликнинг олдини олиш ва оқибатларини юмшатиш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик, тажриба ва технологиялар алмашинуви ҳамда бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Томонлар, айниқса, қурғоқчилик ва чўлланиш муаммоси долзарблигича қолаётган Ўзбекистон каби мамлакатлар учун глобал иқлим ўзгариши келтириб чиқараётган муаммоларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини қайд этишди.
“Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти томонидан амалга оширилаётган дастур ва лойиҳаларда Ўзбекистон томонининг иштирок этиш истиқболлари, шунингдек, қурғоқчиликни мониторинг қилиш ва эрта огоҳлантириш бўйича минтақавий тармоқларни ривожлантириш бўйича мумкин бўлган ташаббуслар кўриб чиқилди”, — дейилади хабарда.
Ласло Орлош институт Тошкентнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор илмий тадбирларни ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш учун институт делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
“Учрашув умумий экологик муаммоларни ҳал қилишда томонларнинг фаол ўзаро ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ривожлантириш истагини тасдиқлади”, — дея қўшимча қилди агентлик.