ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Остона халқаро аэропортида давлат раҳбарини Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олди.
Бугун икки мамлакат етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Дастурга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва "Марказий Осиё + Япония" форматидаги мулоқотда иштирок этиш ҳам режалаштирилган.
Оқўрда қароргоҳида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Икки мамлакат етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтишди ва биргаликда суратга тушилди.
Айни пайтда давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтмоқда. Томонлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилмоқда.