ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга 12 та турли ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” берилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2024-2025 ўқув йилида республикадаги мавжуд 10 182 та умумтаълим мактабига 719 366 нафар мактаб ёшидаги болалар 1-синфга чиқиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар 586 290 нафар (81,5%) ўқувчи қабул қилинди.
Вазирлик биринчи синфлар учун “Президент совғалари”ни етказиб беришни бошланди.
Президент совғаси
© Министерство дошкольного и школьного образования республики Узбекистан
“1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга 12 та турдаги (портфел, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич) ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” берилиши кўзда тутилган”, — дейилади хабарда.
Ушбу ўқув қуроллари 10 августга қадар ҳудудларга, 20 августга қадар қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда барча мактабларга тўлиқ етказилади.
Президент совғаси
© Министерство дошкольного и школьного образования республики Узбекистан
“Ўқувчиларни ўз вақтида ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 1-синфга қабул қилинган ҳар бир ўқувчи электрон тизимга (adm.maktab.uz) киритиб борилмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, янги ўқув йилида асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади. Шу мақсадда республикадаги 500 та мактабда тажриба-синов тариқасида жорий этилган Президент мактабларининг ўқитиш ва баҳолаш тизими янги ўқув йилидан бошлаб қўшимча тарзда яна 1 000 та мактабда жорий этилади.
Йил якунига қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш кўрсаткичини 96 фоизга етказиш белгиланган.