ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Қозоғистон узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг ишончли ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон матбуот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими Равшан Назаров маълум қилди.
“Қозоғистон узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг учинчи йирик ташқи савдо шериги бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, 2023 йил якунларини оладиган бўлсак, ташқи савдонинг умумий ҳажмида Қозоғистон Ўзбекистон ташқи савдосининг 7 фоизини, шундан экспорт 5,5 фоиздан ортиғини, импорт эса қарийб 8 фоизни ташкил этади”, — деди Назаров.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан Қозоғистонга экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлар орасида машина ва ускуналар, саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё, тайёр маҳсулотлар, ноозиқ-овқат хомашёси ва хизматлар бор.
“Айтиш керакки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда сўнгги йилларда экспорт ва импортнинг жисмоний ҳажмида тайёр маҳсулот улуши ортиб бормоқда, бу жуда яхши ва ижобий”, — дея хулоса қилди эксперт.
Батафсил — Sputnik Ўзбекистон видеосида.