TOШКЕНТ, 3 август — Sputnik. АҚШ президентлигига номзод республикачи Дональд Трамп демократ рақиби Камала Харрис билан 4 сентябрь куни Пенсильванияда дебат ўтказмоқчи. Бу ҳақда Трампнинг ўзи маълум қилди.
“Мен “Fox News” билан 4 сентябрь, чоршанба куни Камала Харрис билан дебат ўтказиш учун келишувга эришдим”, - деб ёзди Трамп ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоғида.
Трамп ва Харрис бир неча ҳафтадан бери дебатнинг санаси ва канали борасида келиша олмаяпти. Дебатларнинг иккинчи раунди дастлаб 10 сентябрь куни ABC телеканалида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ режаларга АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден иштирок этиши киритилганди, у эса пойгадан чиқишга қарор қилди. Шу муносабат билан Трамп жамоаси ABC телеканалидаги дебатда иштирок этишни ҳали аниқ ваъда қила олмаслигини айтди, чунки демократлар ўз номзодини ўзгартирди. Республикачиларга яқин “Fox News” 17 сентябрь куни ўз майдонида дебат ўтказишни таклиф қилган, Трамп эса ABC телеканалини демократларга хайрихоҳликда ва фейк хабарлар тарқатишда айбламоқда.
АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.