ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2024 йил 1 августдан бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, республикада электр энергиясини ҳисобга олишнинг янги биллинг тизими жорий этилади, туман ва шаҳарлар учун бош режалар ишлаб чиқилади, сейсмик фаол зоналарда автотранспорт воситалари ва мотоциклларни рўйхатга олиш тартиби ўзгартирилади. Батафсил — Sputnik Ўзбекистон материалида.
Мастер-режа ҳудудларидаги ер участкалари аукционга чиқарилади
Қонунчиликка кўра, жойлардаги ҳокимликлар жорий йил якунига қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан, жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкаларини аукцион савдоларига чиқарилади.
Айрим объектлар ҳудуднинг зилзилабардошлигидан келиб чиқиб лойиҳаланади ва қурилади
Қонунчиликка кўра, хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади.
Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши натижаларини қабул қилиш муддати белгиланмоқда
Кичик саноат зоналари иштирокчилари ва ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари бажарилиши натижаларини қабул қилиш кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар томонидан мажбуриятларни бажариш муддати келган санадан бошлаб 3 ой ичида амалга оширилади.
Авторақамлар тасодифий генерация йўли билан берилади
Оддий давлат рақамлари "Давлат рақам белгилари" модули орқали тасодифий автоматик генерация йўли билан берилади. Қарорга мувофиқ, турли русумдаги автомототранспорт воситалари учун янги турдаги давлат рақамлари жорий этилди. Бундан ташқари, давлат рўйхатидан ўтганлик белгиларини бериш тизимига ўзгартиришлар киритилди. Амалдаги тизимга кўра, автомобиль рақамлари ўсиб борувчи рақамлаш тартибида чиқарилади (ауционда сотиладиган "чиройли рақамлар" бундан мустасно). 1 августдан бошлаб онлайн тизимнинг “Давлат автомобиль рақамлари” модулида тасодифий танлаш асосида давлат рақамлари комбинацияси яратилади.
Талабалар ётоқхоналарига жойлашиш учун онлайн аризаларнинг қабули бошланади
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.
Қорақалпоғистонда бизнес-форум ўтказилади
2024 йил август ойида халқаро бизнес форум ўтказилиши, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчилари билан ҳамкорликда салоҳиятли инвесторларни жалб этиб, келишувлар амалга оширилиши, жорий йил якунига қадар эса – “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури доирасида йирик хорижий ишлаб чиқарувчи компаниялар брендларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Футбол мухлисларига поездлар учун чегирмалар берилади
2024 йил август – октябрь ойларида футзал бўйича жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, чемпионат ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 % миқдорида чегирмалар жорий қилинади
Туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи ОТМларда амалиёт базалари ташкил этилади
Қонунчиликка кўра, туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.
Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади
1 августдан тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда лойиҳа компаниясига топширилади.Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларда тиббиёт муассасалари томонидан сотиб олиниши таъминланади. Бунда иссиқлик энергияси бошқа шахсларга ҳам белгиланган тартибда етказиб берилиши мумкин.