Деҳлида Бобурийлар сулоласи тарихига бағишланган музей очилди — у ерда нималар бор?

Музейни ташкил этишга Ҳиндистон Маданият ва туризм вазирлиги 60 минг доллар ажратди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Ҳиндистон пойтахтидаги Ҳумоюн Мирзо мақбараси ҳузурида Бобурийлар тарихига бағишланган Бутунжаҳон мероси музейи ташкил этилди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Айтилишича, музейга илк тамал тоши 2015 йилда Ҳиндистон маданият ва туризм вазири Маҳеш Шарма ва Ага Хан халқаро жамғармаси раҳбари Ага Хан томонидан қўйилган. Ўтган қарийб 10 йил давомида музей жойлашган Ҳумоюн Мирзо мақбараси атрофидаги деярли 120 гектар майдонда улкан боғ қад ростлади.

“Тарихий манбаларга асосланиб, Бобурийлар даврида Ҳиндистонда барпо этилган боғлар каби бугунги кунда музей жойлашган ушбу боғда ҳам ноёб, дунёнинг бошқа бурчакларида кам учрайдиган кўчат ва гуллар, маҳаллий иссиқ ва нам ҳавога мослашган дарахт ва бўталар парвариш қилинмоқда. Мазкур улкан ҳудудда деярли сўнгги 25 йил давомида тарихчи олимлар ва археологлар томонидан Ага Хан халқаро жамғармаси кўмагида Бобурийлар давридан мерос бўлиб қолган 60 тадан зиёд қадимий обидалар сақланиб қолинди”, — дейилади хабарда.

Статистик маълумотларга кўра, ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан кейин Ҳиндистон тахтига ўтирган Ҳумоюн Мирзо мақбарасини зиёрат қилиш учун бир йилда 3 миллионга яқин киши келади. Уларнинг салкам 300 минг нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.
“Ушбу музейни ташкил этишга Ҳиндистон Маданият ва туризм вазирлиги 60 минг доллар ажратди. Шунингдек, лойиҳани молиялаштириш учун Ага Хан халқаро жамғармаси ва бошқа ташкилотлар катта ҳисса қўшди”, — дея қайд этилган хабарда.
Музейдан Ҳиндистон Миллий музейи, Ҳиндистон Археология тадқиқотлари қўмитаси ва Ага Хан халқаро маданият жамғармаси томонидан тақдим этилган 500 тадан ортиқ ноёб ашёлар жой олган.
Улар орасида қуйидагилар бор:
Бобурийлар давридан етиб келган миниатюра санъати намуналари ва қўлёзма асарлар;
Ҳумоюн Мирзо мақбараси ва унинг ён-атрофидаги ҳудудга тегишли бўлган архитектура ашёлари;
тилла ва кумуш тангалар;
15 асрга оид нужум илмига тегишли бўлган глобус ва бошқа осори-атиқалар;
17 асрга оид темир буюмлар;
ойна ва матолар;
қурол-аслаҳа, найза ва пичоқлар;
саркарда ва жангчиларнинг зирҳли кийимлари;
Ҳумоюн Мирзо даврига тегишли ҳукмдор тожи ҳамда сўнгги Бобурий подшоҳ Баҳодиршоҳ Зафар II ўтирган тахтиравон.
Музейда Ҳумоюн Мирзонинг астрономия ва астрология илмига қизиқиши ва ушбу соҳага доир алоҳида кўргазмали зал ташкил этилди. Залда ўз даврида Самарқанддан таклиф этилган ҳунарманд усталар томонидан ҳукмдорга махсус ясалган астролябия аслаҳалари, осмон ва сайёралар харитаси, ўрта аср глобуси ҳамда тарихий ва илмий аҳамиятга эга муҳим артефактлар намойишга қўйилган.
Бундан ташқари, қўшни залларда музейга ташриф буюрувчилар Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёт йўли, унинг саройдаги кундалик турмуш тарзи ва давлатчилик ривожлантиришга оид асарлар, жангу жадалларни акс эттирувчи аслаҳалар ва 3D шаклдаги виртуал хариталарни кўздан кечиришлари мумкин.
Бобур меросини ўрганиш халқларни бир-бирига яқинлаштиради