ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7-8 август кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизмати Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокидаги бўлажак тадбирлар режасини эълон қилди.
“Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи 7-8 август кунлари бўлиб ўтади”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, 9 август куни Остонада Марказий Осиё давлатларининг олтинчи маслаҳатлашув учрашуви ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йил 3-4 июль кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлганди. Мирзиёев ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси ва "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувда иштирок этганди.