Кўчада сотилаётган айрим музқаймоқларда стафилококк бактерияси аниқланди — Санэпидқўмитa

Санэпидқўмитa заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирларини олиб бормоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Кўчада антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқда стафилококк бактерияси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси (Санэпидқўмита) ахборот хизмати хабар берди.
Айтилишича, айни кунларда дўконларда музқаймоққа талаб ортган.

“Агар иссиқлик таъсирида музқаймоқ эриса, қайтадан музлатиб, истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки жараён давомида музқаймоқнинг таркиби ўзгариб, бактерияларни ўзига жалб қилиш хусусияти ортади. Афсуски, бугун кўчада рухсат этилмаган идишларда музқаймоқ сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Табиийки, музқаймоқ солинган идишлар музлатгич имкониятига эга эмас. Шу сабабли ичидаги маҳсулотни етарли даражада салқин ва сифатли сақлаб беролмаслиги ҳам бор гап”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди.
“Заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирларини олиб борилмоқда. Маҳсулотлардан назорат таҳлили олганимизда кўчада сотилаётган музқаймоқ таркибида сталифилококк бактерияси аниқланди. Қайд этиш жоизки, кўп ҳолларда стафилококк иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари: торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилганда киши заҳарланиши мумкин”, — дея қайд этилган хабарда.
Маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур.
Агар ишчи-ходимлар юқори нафас касалликлари — тонзиллит, гайморит, стоматит билан касалланган бўлса, бу ишчиларни вақтинчалик ишдан озод қилиб, даволангандан кейин қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари, қўлида тери-касалликлари ва панариция бўлса, бундай ходимларни ҳам ишдан белгиланган тартибда четлаштириш зарур. Шу боис ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаганда ходимлар санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари талаб этилади.