Геология, саноат ва ҳарбий туризм: Ўзбекистон янги сайёҳат манзилларини очиши мумкин

Янги туризм йўналишларини жорий қилиш мақсадида президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Россия, АҚШ ва Хитой тажрибаси асосида мамлакатда ҳарбий ва саноат туризмини ривожлантиришни таклиф қилмоқда.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Туризм қўмитаси томонидан президентнинг “Туризм соҳасида ахборот тақдим этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда янги имкониятларни яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада 2025 йил 1 январдан бошлаб туризмнинг бир қатор янги турларига рухсат бериш назарда тутилган.
Туризмнинг янги турлари:
геология туризми (конлар, шахталар, фаолият юритмаётган геология ва саноат объектлари ва бошқа объект ва зоналарга ташриф буюриш);
саноат ва илмий туризм (кон-металлургия комбинатларга тегишли ишлаб чиқариш ҳудудлари, саноат объектлари ҳудудлари);
ҳарбий туризм (ҳарбий техника билан таништириш, туристларга полигонларда уларни бошқаришга рухсат бериш, ҳарбий ҳудударда туристларга ўқ отиш бўйича пулли хизматлар ташкил қилиш ва бошқалар).
Шунингдек, босқичма-босқич аэропорт, темир йўл вокзаллари ва автовокзалларда тегишли ҳудуддаги диққатга сазовор, тарихий, маданий, кўнгилочар, овқатланиш, жойлашиш ва уларга етиб бориш маршрутлари ҳақида маълумот берувчи интерактив портални ишга тушириш ҳам кўзда тутилмоқда.
“Миллий саёҳат” мобиль иловасини ишга тушириш, аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудларида автотранспорт воситаларини ижарага бериш билан шуғулланувчи компанияларга (шу жумладан, “Thrifty”, “Dollar”, “Hertz”, “Avis”) хизмат кўрсатишга рухсат бериш ҳам назарда тутилган.
Қайд этилишича, туристлар учун навигация ва йўналтирувчи тизимни яратиш зарурияти мавжуд. Жумладан, ташриф буюрувчи турист учун минтақа ва йўналишлар ҳақида тўғридан-тўғри аэропорт, вокзал, автовокзал ёки машҳур сайёҳлик жойларида маълумот олиш имконияти муҳим.
Лойиҳани тайёрлашда Буюк Британия, Хитой, Россия, Италия, БАА, Сингапур, АҚШ, Франция, Япония, Жанубий Корея каби бир қатор ривожланган мамлакатларда туристлар учун қулайликлар яратиш мақсадида навигация ва туристик йўналиш тизимларидан фойдаланиш тажрибаси ўрганилди.

“Бугунги кунда дунёнинг кўп давлатларида ҳарбий туризм йўналиши ҳам оммалашиб бормоқда. Масалан, АҚШ, Россия, Хитойда ҳарбий туризм доирасида музейларга саёҳатлар уюштириш, машҳур ҳарбий техника, шу жумладан, ҳарбий транспорт воситаларини бошқариш, ҳар хил турдаги қуроллардан отиш, ҳарбий вертолётлар ва самолётларда учиш, дала ошхонасида овқатланиш ва полигонларда очиқ осмон остидаги чодирларда тунаш хизматлари йўлга қўйилган”, — дейилади хабарда.

Айтилишича, янги туризм йўналишларини йўлга қўйиш, замонавий ахборот ва навигация тизимларини жорий этиш, соҳадаги инфратузилмани такомиллаштириш Ўзбекистонга туристлар оқимини оширишга ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Хорижий туристлар оқими янада оширилади — янги фармон