TOШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Кеча, 26 июль куни Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиларининг паради Сена дарёсида муваффақиятли ташкил этилди.
Парадда Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари Абдумалик Халоков ва Зайнаб Дайибекова Ўзбекистон байроғини ҳилпиратиб ўтишди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти ҳам тантанали очилиш маросимида иштирок этди ва парадни муваффақиятли ўтказган спортчиларни қутлади.
Бугун Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига расман старт берилади. Мусобақанинг биринчи кунида Ўзбекистон делегацияси 7 та спорт турида иштирок этади.