Йил якунига қадар тадбиркорларга 1,4 трлн сўм ажратилади

Лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Sputnik
TOШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Йил якунига қадар тадбиркорлар учун 1,4 трлн сўм миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси матбуот хизмати маълум қилди.
“Йил якунига қадар тадбиркорларнинг 2,1 мингта лойиҳаларини амалга ошириш учун 1,4 трлн сўм миқдорида қўллаб-қувватланиши прогноз қилинмоқда. Бунда, 556 млрд сўм кафиллик, 300 млрд сўм хизматлар ипотекаси, 300 млрд сўм кредит ресурси, 115 млрд сўм компенсация ёрдамлари тақдим этилади ҳамда лойиҳаларда 84 млрд сўм миқдорида улушдор бўлиб иштирок этилади”, - дейилади хабарда.
Ёрдамларнинг тақдим этилиши натижасида:
жами 2,2 трлн сўм миқдоридаги кредитлар кафиллик ва компенсациялаш асосида қўллаб-қувватланади;
айланма маблағлари учун 275 млрд сўм маблағ тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолдирилади;
кредитларнинг 40 фоизи гаров таъминоти билан таъминланади;
яшил лойиҳа, хусусан, яшил ва энергия тежамкор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 168 млрд сўм йўналтирилади;
1,2 мингдан ортиқ тадбиркорларни фаолиятидаги турли масалалар бўйича маслаҳатлар берилади;
лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, ўтган 6 йил даврда тадбиркорларнинг 47 мингдан ортиқ лойиҳаларига 17,1 трлн сўм миқдорида компаниянинг ёрдамлари тақдим этилди. Ушбу ёрдамлардан Хоразм (12 фоиз), Тошкент (10 фоиз), Бухоро (9 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (9 фоиз) рўйхатга олинган тадбиркорлар қолган ҳудудлардаги тадбиркорларга нисбатан кўпроқ фойдаланган.
Компания томонидан тақдим этилган ёрдамлар қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига 9,1 трлн сўм (53 фоиз), саноат лойиҳаларига 4,4 трлн сўм (26 фоиз) ҳамда хизмат кўрсатиш лойиҳаларига 3,6 трлн сўм (21 фоиз) тўғри келади.
Маълумот учун, ташкилот 2017 йилда Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган. Ўзбекистон президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сон фармонига асосан жамғарма негизида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таъсисчилигидаги “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти ташкил қилинди. Компания давлат сиёсати даражасида тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Бизнесга ЕОИИ бозорларига киришда қандай ёрдам берилмоқда — Александр Исаевич жавоби