TOШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ўзбекистонда жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Ўзгидромет хабарига кўра, 25-29 июль кунлари Ўзбекистонда жуда иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Хусусан, республиканинг аксарият ҳудудларида ҳарорат кундузи 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +44-45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
“Юртимизда жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилди. Юртимиздаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, — дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, мамлакат бўйлаб 2 852 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлимларида ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.
Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
Вазирлик соат 10:00 дан 17:00 га қадар соя-салқин жойларда бўлишни тавсия этмоқда.
Жазирамадан сақланиш бўйича тавсиялар:
Иссиқ об-ҳавода кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш зарур. Бироқ паст ҳароратдаги салқин ичимликларни ичишдан тийилиш керак.
Газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилмаслик лозим. Ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.
Қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, жабрланувчида кўнгил айниши, бош айланиши, қусиш, бурундан қон кетиши, қулоқларда шовқин, кўриш қобилиятининг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди. Ҳатто айрим пайтларда тутқаноқ тутиш, алаҳсираш, галлюцинация кузатилиши ва бемор ҳушини йўқотиши мумкин.