Путин Кремлда Асадни қабул қилди — видео

Путин ва Асад Кремлда сўнгги вақтларда дунёда рўй бераётган воқеалар ва Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июл – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин кеча Кремлда Сурия президенти Башар Асад билан учрашди.

“Ҳурматли жаноб президент, мен сизни кўрганимдан жуда хурсандман, биз узоқ вақтдан бери учрашмагандик. Энди муносабатларимизнинг барча жабҳаларини муҳокама қилишимиз мумкин", - деди Путин.

Россия президенти айтишига кўра, минтақадаги вазият тобора ёмонлашмоқда ва бу Сурияга бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Путин, шунингдек, Россия ва Сурия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда истиқболли йўналишлар мавжудлигини, бироқ бу соҳада кўплаб саволлар қолаётганини қўшимча қилди.
Ўз навбатида Асад бугунги ташриф давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 80 йиллигига тўғри келишини эслатди.

“Ўтган ўн йилликлар давомида мамлакатларимиз ўта оғир синовлардан ўтди. Албатта, бу вақт ичида мамлакатларимиз ўта мураккаб трансформация жараёнларини бошидан кечирди. Лекин ушбу давр мобайнида муносабатларимизда ўзаро ишонч сақланиб қолди. Бу халқларимизнинг етуклигидан, - деди Асад.

Сурия президентининг қўшимча қилишича, дунёда ва Евроосиё минтақасида рўй бераётган воқеаларни инобатга олган ҳолда икки етакчининг учрашуви “бу воқеалар ривожининг барча тафсилотларини муҳокама қилиш, эҳтимолий истиқболлар ва сценарийларни муҳокама қилиш учун жуда муҳим аҳамият касб этади.”
Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида Башар Асад ва Туркия етакчиси Ражаб Эрдўғаннинг эҳтимолий учрашуви ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда. Хабарларга кўра, бу учрашув август ойида Москвада бўлиб ўтиши мумкин. Кремль, бошқа давлатлар қатори Россиянинг ҳам Туркия ва Сурия муносабатларини яхшилашдан манфаатдор эканлигини билдирди.