TOШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг йиғилиши бошланди, дея хабар берди Sputnik Қирғизистон.
Бу йил йиғилишга Қирғиз Республикаси Бош прокурори раислик қилмоқда. Унда Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Беларусь, Хитой назорат бўлимлари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТнинг котибият ва минтақавий аксилтеррор тузилмаси раҳбарлари иштирок этмоқда.
Иштирокчилар ташкилот мамлакатлари дуч келаётган замонавий таҳдидларга қарши курашиш соҳасида амалиёт ва тажриба алмашишни муҳокама қилмоқда. Шунингдек, улар рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қўшма стратегияларни ишлаб чиқишади.
Қайд этилишича, 16 делегациядан 12 таси иштирокчи давлатлар, тўрттаси эса халқаро ташкилотлар котибиятлари вакилларидир. ШҲТ йиғилишида прокуратура органларининг рақамлаштириш давридаги роли ва замонавий чақириқларга жавоб чоралари, органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар муҳокама қилинади.
Учрашув якунида ҳамкорликни давом эттириш ва ишни мустаҳкамлаш тўғрисидаги протокол (ШҲТ), Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш декларацияси (ТДТ) имзоланади.
ШҲТга 2001 йилда олтита давлат – Қозоғистон, Хитой, Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан асос солинган. Кейинчалик иттифоққа Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Беларусь қўшилди. Кузатувчи давлатлар: Афғонистон ва Мўғулистон. Ҳамкор давлатлар: Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, БАА, Туркия ва Шри-Ланка.