TOШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Ўзбекистон билан дўстона муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ҳақда Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев маълум қилди.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Воронеж вилоятига ташриф буюрди.
“Бухоро вилояти корхоналари билан ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қиламиз, Воронеж корхоналарига ташриф буюрамиз”, — деб ёзади Гусев.
Унинг қўшимча қилишича, охирги икки йилда Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини оширишга эришилган. Ўтган йилда Воронеж қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг республикага экспорти 35,6 миллион долларни ташкил этди.
“Ва бу фақат бошланиши. Бухоро вилояти билан алоқаларимиз мунтазам тус олмоқда. Республиканинг мазкур ҳудуди ҳамкорлик учун жуда қизиқ. Бухоро яхши географик жойлашувга эга, транспорт инфратузилмаси ривожланган”, — дея хулоса қилди губернатор.
Шунингдек, Воронеж вилояти Тадбиркорлик, савдо ва туризм вазирлиги ва Бухоро вилояти туризм департаменти ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Воронежская область и Узбекистан будут сотрудничать в сфере туризма
© Правительства Воронежской области
Ҳужжатни Воронеж вилояти тадбиркорлик, савдо ва туризм вазири Сергей Корчевников ва Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Сухробжон Бобокалонов имзолади.
“Меморандумда томонлар ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни назарда тутади. Ҳар бир томон ўз ваколатлари доирасида кўргазмалар, конгресслар, ярмаркалар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш тўғрисида хабардор қилади”, — дейилади Воронеж вилояти ҳукумати сайтида.
Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ҳар бир томон ҳудудларининг туризм индустрияси субъектлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашиш режалаштирилган.