ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба хитойлик ҳамкасби Ван И билан суҳбатда Киев Москва билан музокарага тайёр эканлигини маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Украина томони Россия томони билан мулоқот ва музокаралар олиб боришни истайди ва тайёр. Албатта, музокаралар адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришишга қаратилган оқилона ва амалий аҳамиятга эга бўлиши керак”, — деди Кулеба.
Бу сўнгги кунларда Киев режими вакилларининг музокараларга тайёрлиги ҳақидаги биринчи баёноти эмас. Шундай қилиб, ўтган ҳафта Владимир Зеленский Москва билан, жумладан, президент Владимир Путин билан тинч музокаралар ўтказиш имкониятини тан олди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова таъкидлаганидек, Зеленскийнинг риторикаси Қўшма Штатлардаги сайлов билан боғлиқ.