Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан кимлар табриклади?
Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда.
SputnikТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь, Туркия, Мўғулустон, Венгрия, Жанубий Корея етакчилари табриклади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда.
“Мактубларда Ўзбекистон етакчиси раҳбарлигида юртимиз давлатчиликни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш йўлида улкан ютуқларга эришаётгани таъкидланган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарига мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилаклари, мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиш билдирилган”, — деб ёзади президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Россия президенти Владимир Путин
Россия етакчиси Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан табрик йўллади.
“Сизни таваллуд кунингиз билан самимий муборакбод этаман. Президентлик фаолиятингиз билан юртдошларингиз ўртасида катта ҳурмат ва юксак халқаро обрў-эътиборга сазовор бўлдингиз. Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди, жаҳон майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлади”, — дейилади табрик матнида.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев
“Сизнинг бунёдкорона сиёсатингиз ва оқилона раҳбарлигингиз туфайли бугун Сиз халқингизнинг умумэътироф этилган етакчиси бўлиб, халқаро ҳамжамиятда ҳақли равишда катта обрў-эътиборга эгасиз. Ишончим комил, Сизнинг стратегик йўлингизга қатъий амал қилиб, муҳим ташаббус ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириб, қардош ўзбек халқи фаровон Янги Ўзбекистонни барпо этишда Сиз қўйган юксак мақсадларга эришади. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан шахсий ҳиссангизни юксак қадрлайман”, — дейилади Тоқаев табригида.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин
“Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман ва Сиз билан мустаҳкам дўстлигимизни қадрлайман. Сиз билан биргаликда барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларга тайёрман. Ишончим комил, Сизнинг раҳбарлигингизда "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган барча мақсадлар, албатта, ўз вақтида амалга оширилади”, — дейилади табрикда.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов
“Шуни катта мамнуният билан таъкидлашни истардимки, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро англашув тамойилларига асосланган Туркманистон-Ўзбекистон муносабатлари йил сайин янги мазмун билан бойиб бормоқда, улар ўзаро катта ишонч ва очиқлик билан ажралиб туради. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги вақт синовидан ўтган сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни бундан буён ҳам кенгайтириш ниятидамиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Туркманистон-Ўзбекистон давлатлараро муносабатлари ва стратегик шериклиги бундан буён ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб боришига қатъий ишонамиз”, — дейилади табрикда.
Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов
Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Яқинда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
“Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва оилавий бахт-саодат, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Ўзбекистон Президентининг жорий йил 18-19 апрель кунлари Тожикистонга давлат ташрифи чоғида эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, — деб ёзади матбуот хизмати.
Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Суҳбат аввалида Қирғизистон президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, Ўзбекистон Республикасига тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тилади.Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди”, — дейилади хабарда.
Қирғизистон президентининг яқинда Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар тўпламини, шу жумладан қўшма "йўл харитаси" асосида ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади. Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Иккинчи Ҳудудлар форуми, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қатор қўшма маданий тадбирларнинг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди”, — деб ёзади матбуот хизмати.
Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Беларусь президенти Александр Лукашенко
Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Суҳбат аввалида Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Жорий йил 7-9 февраль кунлари Беларусь Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни қабул қилинган "йўл харитаси" асосида амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди”, — дейилади хабарда.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған
"Муштарак тарихимиз ва чуқур илдиз отган ришталаримиздан куч олувчи муносабатларимиз Сиз Жаноби Олийларининг улкан ҳиссаси туфайли икки ва кўп томонлама шаклларда, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам жадал ривожланаётгани бизга чексиз қувонч бағишлайди. Дўстлик ва биродарликка таянган яқин муносабатларимиз келгусида ҳам барқарор равишда мустаҳкамланишда давом этишига бўлган ишончимни яна бир бора таъкидлашни истардим. Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, дўст ва биродар ўзбек халқига фаровонлик ва омонлик тилайман", — дейилади табрикда.
Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух
"Муҳтарам Президент жаноблари, Сиз ва рафиқангизни бой тарихимиз, бетакрор маданиятимиз ва кўчманчи халқимиз бешиги бўлган гўзал юртимизга ўзингизга қулай вақтда давлат ташрифи билан келишга яна бир бор таклиф этишдан ғоят мамнунман. Халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик мустаҳкамланиб, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доимо ривожланиб борсин. Сизга ва бахтиёр оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик, Ўзбекистон халқига эса равнақ тилайман", — дейилган президент табригида.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан
"Сиз билан очиқ ҳамкорлик туфайли кейинги йилларда Венгрия-Ўзбекистон муносабатлари янада кенгайиб, мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мени қувонтиради. Жаноб Президент, муносабатларимизни мустаҳкамлашга содиқлигингиз учун ғоят миннатдорман. Сизни ишонтириб айтаманки, келгусида ҳам Сиз билан ҳамкорликда икки томонлама муносабатларда янги-янги ютуқларга эришиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этаман. Сизга мустаҳкам соғлиқ ва фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман!", — дея қайд этган Орбан.
Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль
"Сизни қутлуғ 67 ёшингиз билан чин қалбимдан муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Ўтган ойда амалга оширган давлат ташрифим туфайли Сиз билан биргаликда дўстлигимизни мустаҳкамлаганимиз, шунингдек, Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Республикаси билан стратегик муносабатларни чуқурлаштирганимиздан бағоят мамнунман. Бундан буён ҳам Корея-Ўзбекистон муносабатлари ривожланиб, келажакка йўналтирилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада кенгайишига Сиз доимий эътибор қаратасиз ва қўллаб-қувватлайсиз, деб умид қиламан. Сизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон Республикасига эса абадий фаровонлик тилайман", — дейилган табрик матнида.
Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
Матвиенко давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Икки мамлакат парламентларининг самарали ҳамкорлиги Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.