ТОШКЕНТ, 22 июл – Sputnik. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Германия ва Италиядан жўнатилган посилкалар ичидан портловчи мосламалар учун эҳтиёт қисмлар яширилганини аниқлади.
“ФХХ Санкт-Петербургда бир қатор терактлар амалга ошириш мақсадида Россияга олиб келинаётган электро детонаторлар ва портловчи моддалар каналини аниқлади. Улар Италия ва Германиядан олиб келинган ва автомобиль эҳтиёт қисмлари орасига яширилган бўлган", - дейилган хабарда.
Террорчилик ҳаракатига тайёргарлик кўраётган ҳужумчилар аниқланиб, қўлга олинди, уларнинг фаолиятини Россияда қидирувда бўлган Владимир Зеленский идораси раҳбари ўринбосари Роман Машовец назорат қилгани аниқланди.
Департаментнинг таъкидлашича, Европадан Россияга портловчи моддаларни олиб ўтишнинг шунга ўхшаш схемаси 2023 йил апрелида Қримда ҳам аниқланган эди.
Яна шунга ўхшаш қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларининг ташкилотчилари ва шерикларини аниқлаш учун хавфсизлик идоралари тегишли Европа разведка хизматларига мурожаат қилган, бироқ ҳозирча улар жавобсиз қолмоқда.