ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 19 июль куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шоҳрух Гуламов Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги доимий котиби ўринбосари Бусади Сантипитакс бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Делегация таркибида Таиланднинг Samitivej Hospital, PTT Oil and Retail, Thai President Food, Siang Heng, Marine Tech International, CTI Logistics ва Anita Silk Company каби йирик компаниялари раҳбарлари бор эди.
Таиланд томонига Ўзбекистон фуқаролари учун 60 кунгача визасиз режим тақдим этгани учун миннатдорлик билдирилди.
“Ижобий натижалар икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиш суръатларини кўрсатмоқда – жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 170 % га ошди. Яқин келажакда қўшма инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш ва товар айирбошлаш ҳажмини $500 млнга етказиш бўйича чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда.
Учрашув якунида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, туризм, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқиш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.