Ҳар йили октябрда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги нишонланади

2021–2024 йиллар давомида Олий суд томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қyрбонларининг номлари оқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Ўзбекистонда октябрь ойининг биринчи ҳафтаси Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонланади. “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021–2024 йиллар давомида Олий суд томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қyрбонларининг номлари оқланган.
Сиёсий қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.
Ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси Ўзбекистонда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонланади.
Мустақилликка эришиш йўлида cиёсий қатағонга учраганларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда уч авлод учрашувлари ташкил этилади.
“Jadidlar.uz” электрон платформаси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади ва платформа янги электрон адабиётлар, тарихий манбалар, жадид матбуоти намуналари ва аудиовизуал маҳсулотлар билан бойитилади.
Таълим ташкилотларида ўтказиладиган “Мустақиллик дарслари” доирасида қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларига бағишланган ўқув машғулотлари ташкил этилади.