Натижалар ва устувор вазифалар: Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Давлат раҳбари йиғилишда кўпроқ муммолар бўйича гапириб, аниқ режа ва вазифаларни белгилаш зарурлигини таъкидлади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари йиғилишда кўпроқ муммолар бўйича гапириб, аниқ режа ва вазифаларни белгилаш зарурлигини таъкидлади.
“Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан, барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришаяпмиз. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари, йирик инвесторлар ҳам эътироф этаяпти. Лекин, бугун камчиликларни кўрсатиб, захираларни ишга солиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олсак, фойдали бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Под председательством Президента Шавката Мирзиёева состоялось видеоселекторное совещание
Биринчи бўлиб, иқтисодиёт, молия, солиқ, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Бюджетга тушумларни таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Корхоналар ва тадбиркорларга кўмак бериб, даромадини ошириш орқали солиқ тушумини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Тадбиркорга ортиқча тўлов қилдирган масъуллар жазоланиши ҳақида қатъий огоҳлантирилди. Хусусийлаштириш дастурининг бажарилиши, йирик корхоналарда таннархни пасайтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Энди тадбиркорларга имтиёз ва субсидиялар мақсадли кўрсаткичи билан бир йилга берилиши, натижасига қараб муддати узайтирилиши ёки бекор қилиниши айтилди.
Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо қўлланди. Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари лавозимидан озод қилинди.
Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масалалар транспорт, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари бўйича бўлди.
Қурилишда таннархни пасайтириш масаласи таҳлил қилинди. Ер ва қурилиш материалларидан ташқари лойиҳани келишиш, махсус техник шартлар олишдаги қийинчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Сифат ва тартибни кучайтириш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилиб, ваколатлари кенгайтирилади. Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чоралари кучайтирилади.
Янги лойиҳаларда тадбиркорлар учун электр ва газдан техник шартлар олиш рақамлаштирилади. Бунда тармоққа уланиш нуқтасини инсон омилисиз автоматлашган тарзда танлаш тизими жорий қилинади.
Жамоат транспортида электрон тўлов тизимини тўлиқ жорий қилиш, барча вилоят марказларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Давлат раҳбари бу йўналишларга бирма-бир тўхталиб, кечикаётган лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди. Бу ишларнинг ижтимоий аҳамиятини, уларни одамлар ўз ҳаётида сезиши кераклигини таъкидлади.
Под председательством Президента Шавката Мирзиёева состоялось видеоселекторное совещание
Йиғилишда инвестиция, экспорт ва қишлоқ хўжалигидаги масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарларига ҳудудлардаги 50 миллиард долларлик 200 та йирик лойиҳани таҳлил қилиб, товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Ҳудудий корхоналарнинг кооперация порталидаги иштирокини жонлантириш муҳимлиги айтилди.
Давлат раҳбари экспортни кўпайтириш учун янги уруғ навларини Ўзбекистонда яратиш кераклигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Хитой ва Туркия тажрибаси асосида уруғчилик тизимини қайта кўриб чиқиб, экинлар ген банкини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.
75 минг гектар самарасиз боғлар ҳамда 100 минг гектар паст ҳосилли ерлар ўрнида саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Бундай боғлар учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредит ажратилади.
Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлиги билан боғлиқ масалалар ҳам кўрилди.
Уларга берилган имтиёзли кредит муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилиши, бу йил пахта хариди учун имтиёзли кредит кластерларнинг ип-йигирув корхоналарига берилиши белгиланди. Иқтисодий самарасиз, молиявий мажбурияти юқори кластерларнинг мақоми қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимлар ҳисобот берди. Иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича йил якунигача мўлжалланган режалар баён этилди.