ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев "Марказий Осиё давлатларининг ЕОИИ доирасидаги иқтисодий интеграция стратегиялари ва истиқболлари” мавзусидаги "Тошкент – Бишкек" видеокўпригида ўз фикрларини билдирди.
География қонунларини ўзгартириб бўлмайди
Аҳолиси 5 миллион бўлган Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан ташқи савдоси ҳажми аҳолиси 70 миллиондан ортиқ ва иқтисод ҳажми бўйича дунёда 4-5-ўринда турадиган Германияга қараганда кўпроқдир.
Бу бир нарсани кўрсатади – география қонунларини ўзгартириб бўлмайди. Демак, яқин қўшни, ёнимизда жойлашган қўшни давлат бизнес учун, бизнесни ривожлантириш учун 1000лаб километр узоқдаги улкан йирик иқтисодиётлардан ҳамиша қулайроқ бўлади. Бу қонун.
Ҳозир Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон йирик Қамбарота ГЭСни биргаликда қуриш ҳақида шартнома имзолади. Бу сўнгги 30 йил ичида, мустақилликка эришганимиздан сўнг биргаликда амалга оширилаётган биринчи қўшма тажрибадир. Ушбу ГЭСнинг қурилиши Норин дарёсида энергия ва суғориш режимларини оптималлаштириш ва синхронлаштириш имконини беради. Бу жуда муҳим, дейди эксперт.
Ундан ташқари, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича шартнома имзоладик. Кузда молиялаштириш масалалари ҳал бўлган, йўналиш масалалари эса аллақачон ҳал қилинган. Биз ҳозир амалга ошириш босқичига ўтмоқдамиз. Яъни мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар даражасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликда жуда жиддий ютуқлар бор.
Саноат кооперацияси ҳақидаги фикрлар реал мазмун билан тўлдирила бошланди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида бир қанча қурилиш, тўқимачилик корхоналаримиз ривожланмоқда ва бундан кейин ҳам ривожланиб боради.
Шунинг учун, менимча, Ўзбекистоннинг ЕОИИ томон ҳаракати субъектив, вақтинчалик вазиятга боғлиқ қарор эмас. Бу қабул қилинган, стратегик қарор. Энди ҳамма гап бу жараённинг суръатига боғлиқ, дейди мутахассис.
Бахтиёр Эргашев Ўзбекистон айни дамда ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида ўз қонунчилигини уюшма билан мувофиқлаштириш жараёнини олиб бораётгани ва барчасини уйғунлаштириш учун вақт керак бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, "Маъно" маркази директори кенгайиш масалаларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш муҳимлигини таъкидлади ва қатор уюшмаларнинг салбий тажрибасини мисол келтирди.
Экспертнинг тўлиқ фикр ва мулоҳазалари билан батафсил видеолавҳамизда танишинг.