ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Термизда янги университет очилади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда маълум бўлди.
"Сурхондарёда Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини йириклаштириш орқали Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда", - дейилади хабарда.
Янги университетда Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Унга билими юқори талабалар танлов асосида олиниб, амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети очилиши кутилмоқда.
Қайд этилишига кўра, 2024/2025 ўқув йилида кириш имтиҳонларида 805 минг нафар абитуриент иштирок этмоқда. Бу йил бакалавриатда ҳам, магистратурада ҳам муҳандислик, қурилиш, табиий фанлар, математика, ахборот технологиялари йўналишларига квоталар сони оширилган.