ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Ўзбекистонда боқувчиси меҳнат миграциясига кетган оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилиши кутилмоқда. Ҳукуматнинг тегишли қарори муҳокамага қўйилган.
Ҳужжат билан 2024 йил 1 октябрдан боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базовий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) икки баравари миқдорида (680 минг сўм) бир марталик моддий ёрдам берилиши назарда тутилмоқда.
Маблағлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан берилади.
Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1,7 миллион сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш режалаштирилган.
Шунингдек, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилиши мумкин.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилиши назарда тутилмоқда.
Ёрдам пуллари ва йўлланмалар меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар “Хорижда иш” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади.
Ёрдам пуллари ва йўлланмаларни олиш учун талабгорлар “Хорижда иш” дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда мурожаат қилади.