Ўзбекистон вакиллари Қирғизистонда ўтказилган рақс санъати фестивалида ғолиб бўлди

Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлинмасининг "Орол йигитлари" рақс ансамбли танловнинг мутлақ ғолиби бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 7-12 июль кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида "Рақс санъати - 2024" II Халқаро дўстлик фестивали бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон рақс жамоалари иштирок этди.
Танцевальный фестиваль "Искусство танцев-2024"
Тадбир доирасида турли мамлакатлардан келган рақс санъати усталарининг Ўш шаҳар кўчалари бўйлаб юришлари ва ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркалари ташкил этилди. Шунингдек, фестиваль кунлари Ўш шаҳридаги турли дам олиш масканларида иштирокчилар томонидан концерт дастурлари намойиш этилди.
Танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон давлат филармонияси Андижон вилоят бўлинмаси ижодий жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Қозоғистон ва Қирғизистон рақс жамоалари 2-ўрин, Туркия вакиллари 3-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлинмасининг "Орол йигитлари" рақс ансамбли эса танловнинг мутлақ ғолиби бўлди ва Гран-прини қўлга киритди. Ғолиб жамоага Кипрга саёҳат йўлланмаси тақдим этилди.