ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Олмаотада 11-12 июль кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-йиғилиши бўлиб ўтди.
"Хусусан, мавжуд захиралардан самарали фойдаланган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш зарурлиги, бунинг учун учинчи давлатлардан импорт ўрнини босиш ва тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш бўйича тизимли ишларни кучайтириш лозимлиги билдирилди", - дейилади Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, саноат кооперацияси, транспорт ва транзит, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим, маданият ва бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-йиғилиши баёни имзоланди.