Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида сотувлар пасайди
Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида сотувлар фаоллиги июнь ойида 6,4 фоизга пасайди.
SputnikTOШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон кўчмас мулк бозори секинлашиш белгиларини намойиш этмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
хабар берди. Қайд этилишича, агар май ва апрелда Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида сотувлар ўсгани кузатилган бўлса, июнь ойида фаоллик 6,4 фоизга пасайгани қайд этилди.
Май ойидаги жонланиш ва ўсишга қарамай, ижара бозори ҳам 1,2 фоизга қисқарди.
Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайди. Аммо ҳудудий кесимда вазият бир турли бўлмаган суръат билан характерланади. Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида фаолликнинг ошгани қайд этилган.
“Таҳлил кўчмас мулк бозорининг беқарорлиги ва қисқа муддатли тебранишларига ишора қилмоқда. Хусусан, бир ой давомида фаоллик 6,4 фоизга пасайиб, икки ойлик ижобий суръатнинг ўрнини эгаллади. Ҳолбуки май ойида сотувлар 9 фоизга, апрель ойида эса 11 фоизга ошган эди. Йил давомида сотувлар эса деярли 14 фоизга пасайди”, — дейилади хабарда.
Умуман олганда, фаолликнинг тушиб кетиши мамлакат кўчмас мулк бозорининг ялпи секинлашганлигини акс эттиради.
Ҳудудий кўчмас мулк бозоридаги вазият
Ой давомида ҳудудий кесимда кўчмас мулк билан операцияларнинг энг кўп пасайиши Сирдарё, Бухоро ва Андижон вилоятларида кузатилди – навбати билан 21%, 20% ва 16%.
Республиканинг аксарият ҳудудларида сотувлар умумий пасайишига қарамасдан, Тошкент шаҳрида ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Ҳисобот даврида пойтахтда фаоллик деярли 5 фоизга ўсган.
“Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайди. Бу пасайиш, айниқса, Навоий вилоятида сезиларли бўлиб, операциялар 26,5 фоизга қисқарди. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида 10,6 фоизни ташкил этди”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, ижобий динамика қайд этилган ҳудудлар ҳам бор. Масалан, 6 ой ичида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда энг кўп ўсиш Андижон вилоятида – 12,7%, Хоразм вилоятида – 8,3% ва Қашқадарё вилоятида – 6% қайд этилди.
Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият
Пойтахт ижара бозори май ойида бироз тикланишдан сўнг, яна пасайиш билан характерланди. Хусусан, Тошкентда ижаранинг ўртача баҳоси 1,2 фоизга пасайиб, бир квадрат метр учун 8,3 долларни ташкил этди.
Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи ҳамон юқори бўлиб, ҳар квадрат метр учун ўртача 10,2 долларга тенг бўлиб турибди.
Нисбатан арзон уй ижараси Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда, бу жойларда ижаранинг ўртача нархи бир квадрат метр учун 6,4 долларни ташкил қилади.
Шу билан бирга, йил бошидан бери ижара нархининг 9,8 фоизга камайгани қайд этилди, ўтган йилнинг июнига нисбатан эса ижара ҳақи 5,5 фоизга пасайган.
Ўтган йилнинг июнига нисбатан ижара ҳақининг энг сезиларли – 12 фоиздан кўпроқ пасайиши Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилган бўлса, Юнусобод ва Яккасарой туманларида юқоридагига нисбатан қуйироқ – 8,3 фоизлик пасайиш кузатилди.
Иккиламчи уй-жой бозори
Июнда иккиламчи кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг ўсиш суръати секинлашди. Агар май ойида уй-жой ўртача нархининг ўсиши квадрат метр учун 1,3 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ойида иккиламчи бозор атиги 0,3 фоизга ўсди.
“Бироқ ўтган йилнинг июнига нисбатан иккиламчи бозорда нархлар деярли 10 фоизга ошди”, — дея таъкидланган хабарда.
Иккиламчи уй-жой сегментида уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм (18,1 фоизга), Бухоро (17,1 фоизга), Қашқадарё (16,7 фоизга) ва Тошкент вилоятларида (16 фоизга) қайд этилди.
Тошкентда иккиламчи бозордаги нархлар бир ойда 1,1 фоизга пасайди. Шайхонтоҳур (0,8%), Яккасарой (0,6%) ва Олмазор туманларида (0,3%) меъёр доирасида ўсиш қайд этилди.