Янги лойиҳалар, иш ўринлари ва инвестиция: Фарғонани қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Фарғонада 7 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари режалаштирилган, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Фарғонада 7 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари режалаштирилган
Қайд этилишича, кейинги етти йилда Фарғона вилоятига қарийб 77 триллион сўмлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 116 мингта иш ўрни ва 4,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган.
“Бу йил вилоятда 1,3 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Энди Фарғона вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2,1 миллиард долларлик 25 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди”, — дейилади хабарда.
Лойиҳаларга Австрия, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Кувайт, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Хитой инвесторлари билан ҳамкорликда Учкўприк туманида қиймати 50 миллион долларга керамик плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 500 нафар янги иш ўрни яратилади.
Қува туманида Саудия Арабистони инвесторлари билан биргаликда иситиш ва совутиш тизимлари эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қиймати 50 миллион долларлик ушбу лойиҳа якунлангач, 350 кишининг бандлиги таъминланади.
"Мазкур 132 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 23 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади", — дея қайд этилган хабарда.
Президент мутасаддиларга лойиҳаларнинг ҳуқуқий-ташкилий асосларини тезлаштириш, инвесторлар учун барча шаротларни таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.
Янги корхоналар ишга туширилиб, лойиҳалар қурилиши бошланди
Мамлакат етакчиси шунингдек, Фарғона вилоятида янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.