Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонни муваффақиятли модель сифатида кўрмоқда

ХМТ республика тажрибасини халқаро миқёсда ўрганиш ва қўллаш учун муваффақиятли модель сифатида кўрмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Жильбер Унгбони қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда БМТнинг ушбу нуфузли институти билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбони қабул қилди
ХМТ бош директори Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш, иш ўринларини яратиш ва халқаро конвенцияларни имплементация қилиш борасидаги ютуқларига юқори баҳо берди.
Шу муносабат билан ўз ташрифини Ўзбекистон раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ифодаси деб атади.
“ХМТ мамлакатимиз тажрибасини халқаро миқёсда ўрганиш ва қўллаш учун муваффақиятли модель сифатида кўраётгани таъкидланди. Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон ташкилотнинг Маъмурий кенгашига сайланиши бунинг эътирофи бўлди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ташкилот кўмагида Ўзбекистонда меҳнат соҳасида 40 тадан ортиқ норматив ҳужжат қабул қилинди, 22 та халқаро конвенция ратификацияланди.
Сенатда Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори билан учрашув ўтказилди
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори билан учрашди.
Унда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар натижалари дунёнинг кўп давлатлари учун намуна бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 112-сессиясида белгиланган вазифалар ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларининг устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда 2026–2030 йиллар учун Муносиб меҳнат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.
Қайд этилишича, меҳнат соҳасида гендер тафовутини камайтириш ва камситишга қарши курашиш, имконияти чекланган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун қулай ва муносиб шароитларни яратиш борасида ҳамкорлик янада ривожлантирилади.